Иқтисод

Ўзбекистон ва Руминия фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Руминия фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Руминия фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Руминия фармацевтика соҳасида ҳамкорлик қилишнинг янги имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Ўзбекистондаги Руминиянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Даниэль Кристиан Чобану билан учрашув ўтказди.

Томонлар асосий эътиборни қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, технологиялар трансфери, шунингдек, илмий ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратди.

Даниэль Кристиан Чобану Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш учун яратилган шароитлар юқори даражада эканини таъкидлади. У икки мамлакат ҳамкорлигининг муваффақиятли мисоли сифатида Rompharm NS қўшма корхонаси фаолиятини қайд этди.

Музокаралар давомида Руминия фармацевтика компанияларини Ўзбекистонда қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Ҳамкорликнинг алоҳида йўналишлари сифатида лаборатория фаолияти, илмий тадқиқотлар ва фармацевтика соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш белгиланди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар фармацевтика соҳасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

 

Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.