Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Forbes журнали 2026 йил учун World's Top Performing Banks рейтингини — дунёдаги энг самарали банклар рўйхатини эълон қилди. Ундан Ўзбекистоннинг Халқ банки ҳам ўрин олди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
Forbes ва Statista ҳамкорлигида тузилган рейтинг 89 мамлакатдан 500 та банкни қамраб олган. Халқ банки активлари 3 миллиард доллардан 10 миллиард долларгача бўлган банклар тоифасига киритилган.
Банклар халқаро молиявий ҳисобот, аудит натижалари ҳамда сўнгги уч йилдаги асосий молиявий кўрсаткичлари асосида баҳоланган. Хусусан, рентабеллик, ўсиш суръатлари ва даромадлар сифати, капитал ва молиялаштириш барқарорлиги, шунингдек, активларнинг сифати ва самарадорлиги инобатга олинган.
Халқ банк таъкидлашича, мазкур глобал эътироф Ўзбекистон банк-молия тизимини трансформация қилиш ва рақамлаштириш бўйича халқаро даражада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларидан бири ҳисобланади.