Молия

Озарбайжон Марказий банки Ўзбекистоннинг капитал бозоридаги тажрибасини ўрганди

Озарбайжон Марказий банки Ўзбекистоннинг капитал бозоридаги тажрибасини ўрганди
Озарбайжон Марказий банки Ўзбекистоннинг капитал бозоридаги тажрибасини ўрганди / Фото: Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги..

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озарбайжон Марказий банки вакиллари 2026 йил 22–23 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига (ИЛМА) ташриф буюрди.

Ташрифдан мақсад капитал бозори соҳасидаги тартибга солувчи органлар ўртасида тажриба алмашишдан иборат. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги хабар берди.

Ташриф Озарбайжон регуляторининг мурожаати асосида ташкил этилди.

Меҳмонлар Ўзбекистон капитал бозорини, ИЛМАнинг тартибга солиш ва назорат соҳасидаги амалиётини ўргандилар, шунингдек, агентлик мутахассислари билан профессионал билим ва ёндашувлар алмашдилар.

Озарбайжон томонини, аввало, Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар қизиқтирди. Жумладан, Халқаро қимматли қоғозлар комиссиялари ташкилоти (IOSCO) ҳамда молиявий бозорлар инфратузилмаси тамойиллари (PFMI) талабларини ўз ичига олган халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, янги молиявий инструментларни жорий этиш, бозор инфратузилмасини ривожлантириш ва уни халқаро тизимга интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар қимматли қоғозлар бозорини мониторинг қилиш, бозор манипуляцияларининг олдини олиш ва уларни аниқлаш механизмларига алоҳида эътибор қаратдилар. Эмитентлар томонидан ахборотни ошкор этишга қўйиладиган талаблар ҳамда назоратда рискка йўналтирилган ёндашувни қўллаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

ИЛМА вакиллари назорат соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг (UzNIF) глобал депозитар тилхатларини жойлаштиришни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Бундан ташқари, агентлик Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO) билан кўп томонлама ўзаро англашув меморандумини имзолаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида меҳмонларга маълумот берди.

Ташриф якунида томонлар келгусидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва амалий тажриба алмашиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Рақамли ва таҳлилий ечимлардан фойдаланган ҳолда тартибга солиш ёндашувларини такомиллаштириш ҳам алоҳида муҳокама мавзуси бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.