Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон тижорат банкларининг жами активлари 1 025,8 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич бир йил давомида 18,8 фоизга ошган.
Шу даврда кредит портфели 11,7 фоизга ўсиб, 648,9 трлн сўмга, депозитлар эса 34,1 фоизга кўпайиб, 487,6 трлн сўмга етди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.
Банк сектори жами капитали 151,5 трлн сўмга етди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 17,6 фоизга кўп.
2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, банкларнинг соф фойдаси 13,8 трлн сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу санасида бу кўрсаткич 9 трлн сўм бўлган. Шу тариқа, соф фойда 52,5 фоизга ошди. Банкларнинг мажбуриятлари бир йилда 19,1 фоизга кўпайиб, 874,3 трлн сўмга етди. Уларнинг таркибида депозитлар улуши 49,5 фоиздан 55,8 фоизга кўтарилди.
Депозитлар кредитларга нисбатан тезроқ ўсди. Натижада кредитларнинг депозитларга нисбати бир йил ичида 1,6 дан 1,33 гача пасайди. Асосий кўрсаткичларда хорижий валюта улуши ҳам камайди: активларда 39 фоиздан 33,7 фоизга, кредитларда 40,3 фоиздан 38,2 фоизга, депозитларда эса 22,8 фоиздан 18,8 фоизга тушди.
Мамлакатда 35 та тижорат банки фаолият юритмоқда. Бир йил аввал уларнинг сони 36 та эди. Давлат улушига эга тўққизта банк банк тизими активларининг 61,2 фоизини, кредитларининг 65 фоизини ва депозитларининг 51 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, давлат банклари активлари бир йилда 11,6 фоизга, қолган 26 та банк активлари эса 32,5 фоизга ўсди.
Активлари ҳажми бўйича энг йирик банк мақомини 142,8 трлн сўмлик активларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки сақлаб қолди. Унинг улушига банк сектори жами активларининг 13,9 фоизи тўғри келади.
Кейинги ўринларда 126,3 трлн сўм активга эга Агробанк ва 101,8 трлн сўм активга эга Ўзсаноатқурилишбанк жойлашган. Активлари 30 трлн сўмдан ортиқ бўлган 12 та банкка тизимдаги жами активларнинг 78,5 фоизи тўғри келади.
Банк секторида капитал етарлилиги коэффициенти 18,3 фоизни ташкил этди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 17,9 фоиз бўлган.
Активлар рентабеллиги (ROA) 2 фоиздан 2,4 фоизга, капитал рентабеллиги (ROE) эса 11,2 фоиздан 14,4 фоизга ошди.
1 сентябрь ҳолатига кўра, муаммоли кредитлар (NPL) ҳажми 24 трлн сўмни ёки кредит портфелининг 3,7 фоизини ташкил этди.
Банкларнинг юқори ликвидли активлари 222 трлн сўмга етди. Уларнинг жами активлардаги улуши эса бир йил аввалги 18 фоиздан 22,3 фоизга кўтарилди.