Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон божхона маъмуриятчилиги тизимини ислоҳ қилмоқда

Дилафруз Ниязова · 02.09.2026 · 12:25 · 38 views
Ўзбекистон божхона маъмуриятчилиги тизимини ислоҳ қилмоқда
Ўзбекистон божхона маъмуриятчилиги тизимини ислоҳ қилмоқда / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 август куни давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат бизнес ва жисмоний шахслар учун тартиб-таомилларни босқичма-босқич соддалаштириш, рақамли ечимларни кенгайтириш, шунингдек, импорт ва экспортдаги қатор талабларни ўзгартиришни назарда тутади.

Фармон билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган «Янги Ўзбекистон божхонаси — 2030» стратегияси тасдиқланди. Унинг устувор йўналишлари қаторида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва жисмоний шахслар учун янада қулай шароитлар яратиш, инфратузилмани ривожлантириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали божхона соҳасини янада рақамлаштириш, шунингдек, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш белгиланган.

2026 йил 1 сентябрдан ташқи савдо операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ қатор талаблар бекор қилинади. Жумладан, ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида импорт қилинганда хорижий ҳамкорга олдиндан тўлов ўтказиш бўйича чеклов қўлланилмайди.

Ташқи савдо шартномасисиз инвойс асосида экспорт қилинганда 50 фоизлик олдиндан тушумни таъминлаш талаби бекор қилинади. Товарларни миллий валютада экспорт қилишда ҳам олдиндан тўловни таъминлаш ёки тўловнинг кафолатланган шаклларини, жумладан, аккредитив, банк кафолати ёки суғурта полисини тақдим этиш талаб этилмайди.

Ўзгаришлар айрим рухсат бериш тартиб-таомилларига ҳам тааллуқли бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун маҳсулот намунаси етарли бўлмаган ҳолатларда санитария-эпидемиология хулосасини расмийлаштириш бекор қилинади.

Божхона расмийлаштируви жараёнида биологик активлар ва янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, полимер, парфюмерия-косметика маҳсулотларини олиб кириш учун рухсатномалар, шунингдек, дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш гувоҳномасини тақдим этиш талаби ҳам бекор қилинади.

2026 йил 1 октябрдан хавф даражаси паст бўлган ва амалдаги ҚҚС тўловчиси гувоҳномасига эга ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига товарларни импорт қилишда тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш имконияти берилади.

Бундан ташқари, рақамлаштириш ва экспортда назорат тартиб-таомилларини такомиллаштириш ҳисобига божхона расмийлаштируви, фитосанитар сертификат, фумигация ва товарнинг келиб чиқиш сертификати учун йиғимлар ҳамда тўловлар миқдори 30 фоизга камайтирилади.

2027 йил 1 январдан хавф даражаси паст бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун импорт қилинаётган товарларнинг божхона қиймати устидан назорат улар эркин муомалага чиқарилганидан кейин амалга оширилади.

Бунда товарларнинг божхона қийматини назорат қилиш мақсадида улар учун қатъий белгиланган божхона қийматини ўрнатиш тақиқланади. Шунингдек, божхона қиймати бўйича дастлабки қарорлар қабул қилиш амалиётини жорий этиш, назоратни амалга оширишда расмий дилерлар ва дистрибьюторларнинг нарх маълумотларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

2027 йил 1 июндан божхона маъмуриятчилигининг айрим қоидалари ўзгаради. Агар товарнинг келиб чиқиш сертификати ва тақдим этилган ҳужжатларда товар хусусиятларига таъсир қилмайдиган аҳамиятсиз тафовутлар аниқланса, улар сертификатни қабул қилишни рад этиш учун асос бўлмайди.

Экспортда экологик сертификат экспортчининг ихтиёрий мурожаати асосида расмийлаштирилади. Шунингдек, транзит декларацияларини транспорт воситалари чегарадаги божхона постига етиб келишидан олдин тақдим этиш имконияти пайдо бўлади.

Дастлабки божхона юк декларациясини тақдим этишнинг янги соддалаштирилган тартиби жорий этилади. У ваколатли органлар томонидан товарларга сертификатлар ва рухсат берувчи ҳужжатларни олиш учун ариза сифатида қабул қилинади.

Хавф даражаси паст бўлган товарлар учун сертификатлар ва рухсат берувчи ҳужжатлар дастлабки декларация асосида олдиндан берилади. Бунда берилган сертификатлар ва рухсат берувчи ҳужжатларни якуний декларацияда акс эттириш талаби бекор қилинади.

Дастлабки декларация асосида олиб киришга рухсат берилган товарлар чегарадаги божхона постига етиб келганидан сўнг уларнинг хавф даражасини ҳисобга олган ҳолда тезлаштирилган тартибда чиқарилади.

Фармон билан ягона божхона тўловининг янги миқдори ҳам белгиланди. 2027 йил 1 январдан ставка товарнинг божхона қийматининг 20 фоизини ташкил этади, бироқ ҳар бир килограмм учун камида 2 АҚШ долларидан иборат бўлади.