Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон божхонасида сунъий интеллектни жорий этиш муҳокама қилинди

Дилафруз Ниязова · 02.09.2026 · 12:45 · 24 views
Ўзбекистон божхонасида сунъий интеллектни жорий этиш муҳокама қилинди
Ўзбекистон божхонасида сунъий интеллектни жорий этиш муҳокама қилинди / Фото: Божхона қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Божхона қўмитасида Бирлашган Араб Амирликларининг WEBB FONTAINE компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда божхона маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда асосий эътибор ахборот технологиялари, хатарларни бошқариш ва божхона назоратини такомиллаштириш масалаларига қаратилди. Кун тартибидан, шунингдек, божхона қийматини аниқлаш, товарларни таснифлаш, транзит тартиб-таомилларини мониторинг қилиш ва «Ягона дарча» тизимини ривожлантириш масалалари ўрин олди.

Божхона органлари фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланиш истиқболлари алоҳида мавзу сифатида кўриб чиқилди. Катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, хатар индикаторларини шакллантириш, қоидабузарликларни аниқлаш ва қарор қабул қилиш жараёнини қўллаб-қувватлаш имконини берувчи технологик ечимлар муҳокама қилинди.

Учрашувни очар экан, Божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси И. Мухторов божхона маъмуриятчилигини рақамлаштириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор вазифалар қаторига киришини таъкидлади.

Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Э. Ҳакимов амалдаги ахборот тизимлари, мавжуд технологик эҳтиёжлар ва техник ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида маълумот берди.

WEBB FONTAINE вакиллари эса компаниянинг замонавий ечимларини тақдим этиб, амалий тажрибалари билан ўртоқлашди. Жумладан, улар божхона бошқарувини такомиллаштириш ва савдони соддалаштиришга мўлжалланган платформалар, ахборот тизимлари архитектураси ҳамда уларни миллий ахборот тизимлари билан интеграция қилиш имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Учрашув давомида божхона қийматини аниқлаш ва товарларни таснифлаш масалалари ҳам батафсил кўриб чиқилди. Томонлар таққосланадиган нархларни таҳлил қилиш ва божхона қийматининг пасайтириб кўрсатилган ҳолатларини аниқлаш механизмлари бўйича фикр алмашди.

Бундан ташқари, иштирокчилар товарларни ТИФ ТНга мувофиқ таснифлаш, шунингдек, божхонадан кейинги назорат ва аудит тизимларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.