Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Дубайда Ўзбекистон бизнес кенгаши ташкил этилди

Дилафруз Ниязова · 27.08.2026 · 11:06 · 38 views
Дубайда Ўзбекистон бизнес кенгаши ташкил этилди
Дубайда Ўзбекистон бизнес кенгаши ташкил этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 26 август куни Дубайда Uzbekistan Business Council in Dubai — Ўзбекистон бизнес кенгаши ташкил этилди. Янги кенгаш Ўзбекистон ва Дубай тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш учун майдонча вазифасини бажаради. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Кенгашни ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг БААдаги ваколатхонаси, Ўзбекистон элчихонаси ҳамда ўзбек ишбилармон доиралари вакиллари томонидан илгари сурилди. Ташаббус Дубай Савдо палатаси кўмагида амалга оширилди.

Кенгаш фаолияти савдо ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш, янги бизнес ҳамкорларни излаш ҳамда турли соҳаларда қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилган.

Янги кенгашнинг биринчи йиғилиши Дубай Савдо палатаси штаб-квартирасида бўлиб ўтди. Унда бизнес учун янги имкониятлар, ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш, компаниялар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, тажриба ва ахборот алмашиш, шунингдек, қўшма бизнес тадбирларини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳамкорликни янада ривожлантириш учун иқтисодий база аллақачон шаклланган. Айни пайтда Ўзбекистонда БАА капитали иштирокидаги 450 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда. Сўнгги уч йилда БАА инвестициялари ҳажми қарийб 3 миллиард долларни ташкил этди.

2025 йилда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларга етди.

Шу билан бирга, ўзбек бизнесининг Дубайдаги иштироки ҳам кенгаймоқда. 2025 йил якунларига кўра, Дубай Савдо палатасида Ўзбекистондан 826 та фаол компания рўйхатдан ўтган. Бу кўрсаткич бир йил аввалгига нисбатан 21,3 фоизга кўп. 2026 йилнинг биринчи ярмида яна 75 та ўзбек компанияси палата аъзолигига қўшилди.

Ўзбекистон бизнес кенгашининг ташкил этилиши икки томон тадбиркорлари ва инвесторлари ўртасида доимий ҳамкорлик механизмини шакллантиришга қаратилган. Янги майдонча орқали тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги савдо-инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш режалаштирилган.