Иқтисод

Тошкент бозорлари ва савдо мажмуалари хатловдан ўтказилади

Тошкент бозорлари ва савдо мажмуалари хатловдан ўтказилади
Тошкент бозорлари ва савдо мажмуалари хатловдан ўтказилади / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида бозорлар ва савдо мажмуалари хатловдан ўтказилади. Мутахассислар уларнинг молиявий ҳолати, мол-мулки ва мавжуд муаммоларини ўрганади.

Ишлар пойтахтни 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар доирасида амалга оширилади. Бу ҳақда «Расмий хабарлар» маълум қилди.

Хатлов жараёнида бино ва иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари, мол-мулк рўйхатлари ҳамда мулкдорлар ҳақидаги маълумотлар текширилади.

Шунингдек, ҳудудлар чегаралари, муҳофаза зоналари ва амалдаги чекловлар ўрганилади. Солиқлар, мажбурий тўловлар ва бошқа мажбуриятлар бўйича қарздорлик алоҳида таҳлил қилинади.

Бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудида ноқонуний қурилмалар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Текширув якунлари бўйича активлардан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар тайёрланади. Жумладан, ваколатли бошқарув органларининг қарорларига мувофиқ, ушбу активларни очиқ савдоларга чиқариш масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Ишларда Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси, туман ҳокимликлари, солиқ органлари, Муниципал активларни бошқариш маркази ҳамда «Tashkent Invest kompaniyasi» акциядорлик жамияти иштирок этади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.