Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳаво сифатини яхшилаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш механизмига айланадиган «Тоза ҳаво» давлатлараро консорциумини ташкил этиш масаласини муҳокама қилди.
Мазкур масала 23 октябрь куни Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ҳамда Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлигининг ишчи гуруҳлари учрашувида асосий мавзулардан бири бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси хабар берди.
Ўзбекистон делегациясига қўмита раисининг ўринбосари И. Қутбиддинов раҳбарлик қилди. Делегация таркибидан Миллий иқлим ўзгариши маркази, Гидрометеорология хизмати агентлиги ва Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти вакиллари ўрин олди. Қозоғистон томонидан Экология ва табиий ресурслар вазири А. Қуантиров иштирок этди.
Томонлар атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мониторинг тизимини такомиллаштириш ва трансчегаравий ифлосланиш манбаларини биргаликда ўрганиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган қўшма чора-тадбирлар йўл харитасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳужжат ҳаво сифатини яхшилаш бўйича мувофиқлаштирилган чораларни назарда тутади. Бундан ташқари, икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида мониторинг маълумотларини тезкор алмашишни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Қўмита баҳосига кўра, эришилган келишувларни амалга ошириш икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва экологик маълумотлар алмашинуви самарадорлигини оширади.
Шунингдек, бу келишувлар ҳавонинг трансчегаравий ифлосланиши муаммосини ҳал қилиш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.