Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 23–25 октябрь кунлари Наманган шаҳрида V Халқаро асал фестивали бўлиб ўтади.
Тадбир «Афсоналар водийси» тематик боғида ташкил этилади. Фестиваль асаларичилик соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотларни хорижий бозорларда тарғиб қилиш ва Наманган вилоятининг туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган.
Уч кун давомида маҳаллий ва хорижий асал ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини тақдим этади. Шунингдек, тадбирда тадбиркорлар, халқаро экспертлар ва соҳа вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Фестиваль дастуридан асал ва асаларичилик маҳсулотларининг халқаро кўргазма-савдоси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда миллий ҳунармандчилик буюмлари ярмаркалари ўрин олган. Бундан ташқари, ташриф буюрувчилар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион ишланмалар ва ихтиролар билан танишиш имконига эга бўлади.
Фестиваль доирасида соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган молиявий воситаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Тижорат банклари асаларичилар учун ўз таклифларини тақдим этади. Шунингдек, анъанавий ўзбек паловини тайёрлаш бўйича чемпионат ва турли маданий-кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ишбилармонлик ва маданий дастур
Хорижий меҳмонлар ва ишбилармон доиралар вакиллари учун Наманган вилоятининг иқтисодий, инвестицион ва туристик салоҳияти билан таништиришга қаратилган ахборот саёҳатлари ташкил этилади.
Фестивалнинг ишбилармонлик дастури маҳаллий ва хорижий тадбиркорларнинг учрашувлари, тажриба алмашинуви ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни ўз ичига олади. Ташкилотчилар ушбу тадбир асал ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш ва асаларичилик соҳасидаги халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беришини кутмоқда.
Фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари фольклор жамоалари, эстрада хонандалари ва маданият намояндалари иштирокидаги концерт дастурлари билан бирга ўтказилади. Шунингдек, тематик кўргазмалар ва спорт чиқишлари ҳам режалаштирилган.
Фестиваль ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар ва соҳа мутахассисларини бирлаштириш, асаларичилик маҳсулотларини тарғиб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратиш ҳамда Наманган вилоятини ишбилармонлик ҳамкорлиги ва туризм майдони сифатида намоён этишга қаратилган.