Иқтисод

«Навоиязот»ни хусусийлаштиришга тайёрлаш бошланди

«Навоиязот»ни хусусийлаштиришга тайёрлаш бошланди
«Навоиязот»ни хусусийлаштиришга тайёрлаш бошланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Навоиязот» корхонасида молиявий соғломлаштириш ва хусусийлаштиришга тайёргарлик ишлари бошланди. Бу ҳақда 8 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов маълум қилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарининг сўзларига кўра, «Навоиязот» йирик ва стратегик аҳамиятга эга активлар қаторига киради ҳамда кимё саноатининг асосий ривожлантирувчи лойиҳаларидан бири ҳисобланади.

Корхонанинг жойлашуви ва унинг атрофидаги мавжуд инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда, ушбу ҳудудда йирик кимё кластерини шакллантириш режалаштирилмоқда.

Ҳозирда агентлик корхонани молиявий соғломлаштириш ишларини олиб бормоқда. Ушбу жараён доирасида «Навоиязот» балансидаги бир нечта асосий фаолият турига тааллуқли бўлмаган активларни чиқариш ва шу орқали «соф актив»ни шакллантириш режалаштирилган.

Ушбу жараён якунланганидан кейин корхонани хусусийлаштиришга тайёрлашнинг кейинги тартиби белгиланади.

«Ҳозир “Навоиязот”нинг ўзини молиявий соғломлаштириш жараёнини бошладик. Яъни корхона балансини бир нечта асосий фаолият турига тааллуқли бўлмаган активлардан тозалаб, уни соф активга айлантирганимиздан сўнг, кейинги босқичда ушбу масалани кўриб чиқамиз. Ҳозирча бу босқичга етганимиз йўқ», — деди Муродов.

2025 йил апрель ойида Ўзбекистон Президенти давлат иштирокидаги йирик корхоналарни халқаро бозорларда хусусийлаштириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ушбу рўйхатдан «Навоиязот»нинг давлатга тегишли 75 фоиз улуши ҳам ўрин олган.

Мазкур улушни сотиш давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган алоҳида жадвал асосида амалга оширилиши режалаштирилган.

Аввалроқ Муродов Президентга йирик давлат активларини хусусийлаштиришга тайёргарлик ишларининг бориши ҳақида ахборот берган эди.

Хусусан, UzAuto Motors ва унинг таркибига кирувчи корхоналар, «Навоиязот», шунингдек, иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштиришга тайёрлаш масалалари муҳокама қилинган.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.