Иқтисод

Ўзбекистон ва S&P Global Ratings иқтисодиётни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва S&P Global Ratings иқтисодиётни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва S&P Global Ratings иқтисодиётни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 29 сентябрь куни халқаро рейтинг агентлиги S&P Global Ratings вакиллари билан учрашув ўтказди.

Томонлар жорий иқтисодий тенденциялар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги устувор вазифаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Учрашув давомида томонлар мамлакат иқтисодий ўсишининг барқарорлигини ошириш, ялпи ички маҳсулот ўсиши бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш ва узоқ муддатли иқтисодий истиқболларни таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан фикр алмашди.

Инфляцияни пасайтириш ва унинг барқарор паст даражасини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, томонлар фискал бошқарув соҳасидаги ислоҳотлар ва фискал стратегияни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.

Хусусан, давлат молиясини самарали бошқариш, фискал барқарорликни мустаҳкамлаш ва давлат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувнинг яна бир йўналиши давлат иштирокидаги корхоналар ва банкларни трансформация қилиш бўлди. Иштирокчилар уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва хусусийлаштириш жараёнларини давом эттириш масалаларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, томонлар хусусий секторни ривожлантириш ва унинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ролини кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ва кўриб чиқилган масалалар бўйича фикр алмашувни кенгайтиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.