Иқтисод

Ўзбекистон ва Хитой ШУАРи ишбилармонлик ҳамкорлигини кучайтирмоқда

Ўзбекистон ва Хитой ШУАРи ишбилармонлик ҳамкорлигини кучайтирмоқда
Ўзбекистон ва Хитой ШУАРи ишбилармонлик ҳамкорлигини кучайтирмоқда  / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони Савдо-саноат палатаси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Делегацияга палата вице-президенти Чэнь Юйлин раҳбарлик қилди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Музокараларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Шерзод Ибрагимов ва раис маслаҳатчиси Жамил Мақсудий иштирок этди.

Хитой делегацияси таркибидан ШУАРда безак саноати, қурилиш, алюминий ишлаб чиқариш, пахта савдоси ва агротехнологиялар соҳаларида фаолият юритувчи йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ўрин олди.

Учрашув иштирокчилари икки томонлама ва минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини, шунингдек, тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик, соғлиқни сақлаш ҳамда логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва ШУАР Савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш имкониятига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳужжат ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни илгари суришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ташриф доирасида Хитой делегацияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши таклифига биноан Нукус шаҳрида ўтказиладиган Халқаро инвестиция форумида иштирок этади. Шунингдек, ШУАР вакиллари ҳудуддаги қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишади.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш ва уни янги амалий ташаббуслар билан бойитишга тайёр эканини билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.