Иқтисод

Тошкент вилояти Хитойда CACE билан лойиҳаларни муҳокама қилди

Тошкент вилояти Хитойда CACE билан лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент вилояти Хитойда CACE билан лойиҳаларни муҳокама қилди / Фото: Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ва Хитой Циркуляр иқтисодиёт ассоциацияси (CACE) ресурслардан самарали фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва замонавий технологияларни жорий этиш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.

 

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг CACE вакиллари билан учрашуви вилоят делегациясининг Хитойга иш ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Томонлар Тошкент вилояти саноати ва қишлоқ хўжалигида циркуляр иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш, ресурслардан самарали фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлашни ривожлантириш ва замонавий технологияларни жалб қилиш масалаларини кўриб чиқди.

Хитой Циркуляр иқтисодиёт ассоциацияси Хитойда циркуляр иқтисодиётни ривожлантиришга кўмаклашувчи миллий нотижорат ташкилот ҳисобланади. У 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, хусусан, саноат паркларини модернизация қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва «чиқиндисиз шаҳарлар»ни барпо этиш йўналишларида фаолият юритади.

Музокаралар давомида томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш ва инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини, шунингдек, Хитой тажрибасини Тошкент вилоятида қўллаш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув якунлари бўйича экологик барқарор ишлаб чиқариш ва ресурслардан самарали фойдаланиш соҳаларида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қизиқиш билдирилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.