Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 11–12 сентябрь кунлари Туркманистонда Марказий Осиё давлатларининг Орол денгизи ҳавзаси масалалари бўйича иккинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Икки кунлик мулоқотда давлат органлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, шунингдек, сув ресурслари, экологик барқарорлик ва сув дипломатияси соҳасидаги экспертлар иштирок этди.
Иштирокчилар сув ресурсларини барқарор бошқариш, табиий экотизимларни тиклаш, сув хавфсизлигини таъминлаш ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.
БМТнинг Орол денгизи ҳавзаси учун махсус дастурини амалга ошириш бўйича умумий минтақавий ёндашувни шакллантириш ва кейинги қўшма ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Aral Sea Wetlands ташаббуси доирасида Ўзбекистон Оролбўйи экотизимларини тиклаш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг барқарор даромад манбаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ёндашувларни илгари сурмоқда.
Иштирокчилар, шунингдек, Оролбўйининг экологик барқарорлигини таъминлаш учун ҳамкорликни давом эттириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва қўшма ечимларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.