Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси Хитойнинг SOHO Holdings Group компанияси билан инвестиция, савдо-иқтисодий, логистика ва саноат соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Учрашув Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонасида вилоят делегациясининг иш ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Томонлар Тошкент вилоятининг инвестиция салоҳияти, мавжуд саноат инфратузилмаси ҳамда ўзаро манфаатли бўлган истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқди.
SOHO Holdings Group Цзянсу провинциясининг Янчжоу шаҳридаги тўлиқ давлатга қарашли энг йирик корпорациялардан бири ҳисобланади. Компания 2023 йилда шаҳарнинг тўртта йирик давлат корхонасини бирлаштириш натижасида ташкил этилган.
Корпорация хомашё ва минерал ресурслар савдоси, энергетика, халқаро савдо, тўқимачилик саноати, логистика, инновацион ишлаб чиқариш ва молиявий хизматларни ўз ичига олган турли соҳаларда фаолият юритади.
SOHO Holdings Group 160 дан ортиқ давлат билан ташқи иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватлайди. Корпорация таркибига 400 га яқин шўба корхонаси киради, уларда 25 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади.
Музокаралар давомида томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, логистика ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини батафсил муҳокама қилди.
Учрашув якунида томонлар Тошкент вилояти ва Цзянсу провинцияси ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олди. Бу йирик лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни ҳам назарда тутади.