Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Косонсойда паррандачиликка $90 млн сармоя киритилади

Дилафруз Ниязова · 03.09.2026 · 12:20 · 27 views
Косонсойда паррандачиликка $90 млн сармоя киритилади
Косонсойда паррандачиликка $90 млн сармоя киритилади / Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти Косонсой туманида наслли жўжалар етиштириш ва экспорт салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган қиймати $90 млнлик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Бу ҳақда Косонсой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов туманга ташриф буюриб, «Қуқумбой наслли парранда» МЧЖ лойиҳасини амалга ошириш жараёни билан танишди ва биринчи тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этди.

«Наслли жўжалар етиштириш ва экспортга йўналтириш» лойиҳаси 85 гектар майдонда амалга оширилади.

Лойиҳани молиялаштириш учун корхона томонидан $30 млн ўз маблағлари йўналтирилади, яна $60 млнни банк кредитлари шаклида жалб этиш режалаштирилган.

Корхона тўлиқ қувватга чиққач, бу ерда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда наслли жўжалар етиштириш йўлга қўйилади. Лойиҳа, шунингдек, маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиб бериш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида 800 та янги иш ўрни яратилади. Уни тўлиқ якунлаш 2028 йилнинг II чорагига режалаштирилган.

Ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши Косонсой туманида паррандачилик соҳасида замонавий ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш имконини бериши кутилмоқда.

Лойиҳа янги иш ўринларини яратиш, экспорт ҳажмларини ошириш ва ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.