«Ўзбекнефтегаз» Устюртда қудуқлар бурғилашни тезлаштиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтегаз» АЖ ва Хитойнинг XIBU компанияси Устюрт ҳудудида чуқур қудуқларни бурғилаш ишларини тезлаштиришга келишиб олди. Тузилган шартнома доирасида бурғилаш майдонларига тўққизта қурилмани сафарбар қилиш режалаштирилган бўлиб, уларнинг олтитаси аллақачон етказилган. Бу ҳақда «Ўзбекнефтегаз» АЖ хабар берди.
Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари «Ўзбекнефтегаз» бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва Хитой компанияси делегациясига бошчилик қилган XIBU бош директори Ай Син ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди.
«Ўзбекнефтегаз» маълумотига кўра, ҳозирги вақтда учта қудуқда бурғилаш ишлари бошланган. Яна учта объектда ускуналарни монтаж қилиш ишлари давом этмоқда, қолган учта қурилма эса сафарбар қилиш босқичида.
Бунда XIBU лойиҳаларда фақат бурғилаш хизматларини кўрсатувчи пудратчи сифатида иштирок этади. Устюрт ҳудудида ишлар олиб борилаётган барча қудуқлар «Ўзбекнефтегаз» АЖ балансида. Уларга мулк ҳуқуқи, шунингдек, ўзлаштириш ва фойдаланиш бўйича асосий ваколатлар Ўзбекистон компаниясига тегишли.
Учрашувда томонлар айрим қудуқларда ишлар шартномада белгиланган муддатлардан орқада қолаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан XIBUга бурғилаш қурилмаларини сафарбар қилиш, ускуналарни монтаж қилиш ва бевосита бурғилаш ишларини тезлаштириш топширилди.
Томонлар биринчи навбатда учта қудуқдаги ишларни 2026 йил 15 ноябрга қадар, яна иккитасидаги ишларни эса декабрь ойида якунлашга келишиб олди.
Учрашувда геологик маълумотларни таҳлил қилиш ва кўп қатламли конларни ўзлаштириш бўйича таклифлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, қия йўналтирилган ва горизонтал бурғилаш технологияларидан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди.
«Ўзбекнефтегаз»да таъкидланишича, XIBUнинг замонавий технологик ечимлари бурғилаш самарадорлигини ошириш ва қудуқлар дебитини кўпайтириш имконини беради. Бунинг учун компаниялар мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни кучайтириш, технологик муаммоларни биргаликда таҳлил қилиш ва замонавий бурғилаш усулларини жорий этишни режалаштирмоқда.
Учрашув якунида «Ўзбекнефтегаз» қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.