Наманганда корхона $2 млнлик экспортни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхона жорий мавсумда $2 млнлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов «Бунёдкор» кичик саноат зонасида мева маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар фаолияти билан танишиб, уларнинг ишлаб чиқариш имкониятларини баҳолади.
Хусусан, вилоят раҳбари «Аббасов Абдулатиф Хакимханович» МЧЖга ташриф буюрди. Ташриф давомида у компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари, зарур хомашё билан таъминланганлик даражаси ва маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш режалари билан танишди.
Лойиҳанинг қиймати 1,5 млрд сўмни ташкил этади. Корхонада 10 та янги иш ўрни яратилган.
Компания мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда уларни тайёрлашга ихтисослашган. Корхона ривожининг асосий йўналишларидан бири маҳсулот етказиб беришни хорижий бозорларга кенгайтиришдан иборат.
Режаларга кўра, корхона жорий мавсумда маҳсулот экспорти ҳажмини $2 млнга етказишни мақсад қилган.
Ташриф якунлари бўйича вилоят ҳокими масъулларга корхона фаолиятини янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланишни ошириш ва экспорт ҳажмларини кўпайтириш бўйича чоралар кўришни топширди.