Жиззахда базальт заводи аукционга қўйилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззах вилоятининг Фориш туманида базальт маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи савдога қўйилди. Объектни Мажбурий ижро бюроси сотувга чиқарган. Унинг бошланғич нархи 230,526 млрд сўмни ташкил этади. Аукцион 21 сентябрь куни соат 10:00 да ўтказилади. Бу ҳақда E-auksion майдончасида маълум қилинган.
Объект «Эгизбулоқ» маҳалласида жойлашган бўлиб, туман маъмурий маркази — Боғдон қўрғонидан 32 км, Жиззах шаҳрининг шимоли-ғарбий қисмига 26,5 км масофада жойлашган. Очиқ маълумотларга кўра, ушбу ҳудудда Bazalt Mega Invest Industrial корхонаси фаолият юритади.
Завод 14,86 гектар ер майдонини эгаллаган. Ҳудудда умумий майдони 4631 квадрат метр бўлган бир қаватли ишлаб чиқариш биноси мавжуд. Шундан 4304 квадрат метр фойдали майдон ҳисобланади. Объект сув, электр энергияси ва канализация тизимлари билан таъминланган.
Лот таркибига нафақат кўчмас мулк, балки ишлаб чиқариш ускуналари ҳам киритилган. Харидорга базальтни эритиш учун мўлжалланган BNV-450 русумли еттита печь, шунингдек, узлуксиз базальт толаси ишлаб чиқариш учун учта ускуна тўплами таклиф этилмоқда.
Сотув 2025 йил август ойида Фориш туманлараро фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан чиқарилган қарор асосида амалга оширилмоқда. Аукцион материалларида ижро ҳужжати рақами №4−1305−2401/2209 сифатида кўрсатилган.
Айни пайтда объектга икки томондан тақиқ қўйилган — Мажбурий ижро бюроси ва банк томонидан.
Бу Мажбурий ижро бюроси жорий йилда Фориш туманида савдога чиқарган биринчи базальт заводи эмас. Май ойида идора Goldfiber Pro корхонасини ҳам аукционга қўйган эди. Унинг баҳоланган қиймати 802,87 млрд сўмни ташкил этган.