Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Фарғонада электробус ишлаб чиқариш заводи қурилиши бошланди

Дилафруз Ниязова · 24.08.2026 · 22:23 · 29 views
Фарғонада электробус ишлаб чиқариш заводи қурилиши бошланди
Фарғонада электробус ишлаб чиқариш заводи қурилиши бошланди / Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида Хитойнинг Xiang Yang Tenglong Automobile ва GIG Investments компаниялари билан ҳамкорликда электробуслар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Лойиҳа қиймати 170 миллион долларни ташкил этади. Корхонани 2027 йил декабрь ойида ишга тушириш режалаштирилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Корхона Ёзёвон туманидаги «Ижодкор» маҳалласи ҳудудида жойлашган махсус саноат зонасида барпо этилади. Лойиҳа учун 10 гектар ер майдони ажратилган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 700 тагача электробус ишлаб чиқариш имконини беради.

Биринчи босқичда корхона электробуслар ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Кейинчалик лойиҳа доирасида электр юк автомобилларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳам кўзда тутилган.

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Ўзбекистон ички бозорига етказиб берилиши, шунингдек, хорижий давлатларга экспорт қилиниши режалаштирилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши Фарғона вилоятининг саноат салоҳиятини янада ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Лойиҳани бошлаш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, тадбиркорлар ва инвесторлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда фахрийлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Бозоров иштирокчиларни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклаб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ёзёвон туманида кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ҳоким муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва замонавий экологик тоза транспорт воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш муҳимлигини ҳам таъкидлади.

Тадбирда «Соғлом авлод учун» II даражали ордени соҳиби, шоира Октамхон Солиева ҳам сўзга чиқди. У туман фаоллари ва катта авлод вакиллари номидан Ўзбекистон Президентига амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдирди.

Тадбир якунида биринчи тошни қўйиш маросими ўтказилди. Шундан сўнг қурилиш ишлари бошланди.