Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Туркиянинг CDG Mühendislik San. ve Tic. A.Ş. компанияси вакили Чағлар Oзер билан учрашув ўтказди. Томонлар дастлабки музокаралардан биргаликдаги лойиҳаларни амалий босқичда амалга оширишга ўтиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Асосий эътибор саноат корхоналарида комплекс муҳандислик ечимларини жорий этиш, электрлаштириш ва автоматлаштириш тизимларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш масалаларига қаратилди.
Учрашув иштирокчилари Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.
Европа стандартларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳаларни амалга оширишнинг замонавий ёндашувлари ҳам алоҳида муҳокама мавзуси бўлди.
Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти Туркия компанияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади.
Унинг таъкидлашича, кейинги ишлар амалиётга татбиқ этиш мумкин бўлган аниқ таклифлар ва лойиҳаларга асосланиши керак.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар.