Иқтисод

Ўзбекистон ва БАА истиқболли инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва БАА истиқболли инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва БАА истиқболли инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 7 октябрь куни Абу-Дабида бўлиб ўтган Investopia Bridge 2026 форуми ҳамда «БАА — Ўзбекистон: капитални имкониятлар билан боғлаш» бизнес-доира суҳбатида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Тадбирлар давомида томонлар қатор устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Улар қаторида энергетика, рақамли инфратузилма ва сунъий интеллект, молия сектори, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт ва логистика, шунингдек, девелопмент соҳалари бор.

Ташриф доирасида Лазиз Қудратов БАА иқтисодиёт ва туризм вазири Абдулла бин Туқ Ал Маррий, инвестициялар вазири Муҳаммад Ҳасан Ал Сувайдий ҳамда ташқи савдо вазири Тани бин Аҳмад Ал Зайюдий билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Бундан ташқари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири БААнинг йирик компаниялари раҳбарлари билан музокаралар олиб борди. Томонлар ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон ва БАА давлат тузилмалари, инвестиция фондлари ҳамда бизнес вакиллари иштирокидаги лойиҳаларни илгари суриш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.