Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Бағдод туманида 10 миллион долларлик бизнес лойиҳалари амалга оширилмоқда

Дилафруз Ниязова · 12.08.2026 · 18:20 · 19 views
Бағдод туманида 10 миллион долларлик бизнес лойиҳалари амалга оширилмоқда
Бағдод туманида 10 миллион долларлик бизнес лойиҳалари амалга оширилмоқда / Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 11-август куни Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Бағдод туманидаги ўрганишлари давомида Ҳазиний ММТП ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари билан танишилди.

 «Қува текстиль» МЧЖ томонидан собиқ аэродром ҳудудида пахта тозалаш заводи ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳалар доирасида 10 миллион доллардан зиёд инвестиция ўзлаштирилиб, 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Шу ерда туманда чорвачилик тармоғини ривожлантириш бўйича режалаштирилаётган 15 дан ортиқ лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Хусусан, «Абдумутал Мадаминов», «Исломбек Муҳаммадалиев», «Солижон Аҳмедов» ва «Лочин» фермер хўжаликларида ҳар бирида 1 минг бош чорва молини боқишга мўлжалланган лойиҳалар амалга оширилади. «Зироатчи Мустафоқул» фермер хўжалигида эса 2 минг бош чорва молини парваришлашга ихтисослашган чорвачилик мажмуасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Вилоят раҳбарига мазкур лойиҳаларнинг мақсад ва вазифалари, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда келгусида яратиладиган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Хайрулло Бозоров чорвачилик лойиҳаларини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш, илғор технологияларни кенг жорий қилиш, чорва молларининг насли ва маҳсулдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Ойдинбулоқ маҳалласида тадбиркор Баҳодир Мустафоқулов томонидан 1 000 бош қорамол ҳамда 100 бош йилқи боқиш лойиҳасини амалга ошириш бошланмоқда. Вилоят раҳбари бу ерда бўлиб, тадбиркорнинг чорвачилик фаолиятини кўздан кечирди. Айни пайтда 400 бош чорва парваришланмоқда.

Нуронийлар иштирокида юртимизда тинчлик-осойишталик барқарор бўлиши ва лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши тилаб дуолар қилинди.