Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ACIR қишлоқ хўжалиги инновацияларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 05.08.2026 · 19:10 · 25 views
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ACIR қишлоқ хўжалиги инновацияларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ACIR қишлоқ хўжалиги инновацияларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди / Фото: Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов АҚШнинг Тижоратлаштириш ва инновациялар тадқиқоти альянси (ACIR) асосчиси ва Ўзбекистон халқаро экспертлар кенгаши аъзоси Эрик Азулай билан учрашди.

Музокараларда қишлоқ хўжалигида инновацияларни қўллаб-қувватлаш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳамда халқаро грант дастурлари орқали соҳага инвестициялар жалб этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Жаҳон банки молиялаштириши асосида амалга оширилаётган МУНИС 2 дастури доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги иштирокидаги лойиҳалар сонини ошириш бўлди.

Томонлар вазирлик тизимидаги олимлар, тадқиқотчилар ва агробизнес вакиллари учун грант аризаларини тайёрлаш, тижоратлаштириш режаларини ишлаб чиқиш, бозор таҳлили ўтказиш ҳамда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича тизимли ўқув дастурларини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Музокараларда вазирликнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион экотизимни ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, агротехнологик стартаплар ва илмий ишланмаларни инкубация қилиш, грант дастурларини кенгайтириш, истиқболли ғояларни бозорга олиб чиқиш ҳамда халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитига мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, ACIR иштирокида яқин истиқболда ўқув, консалтинг ва инновацион дастурларни ишлаб чиқиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунларига кўра, қишлоқ хўжалигида илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, инновацион ғояларни тижоратлаштириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди.