Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Маданият

«Андижон полькаси» Гиннес рекордлар китобига киритилиши учун 730 млн сўм ажратилди

UzDaily таҳририяти · 31.07.2026 · 11:30 · 58 views
«Андижон полькаси» Гиннес рекордлар китобига киритилиши учун 730 млн сўм ажратилди
«Андижон полькаси» Гиннес рекордлар китобига киритилиши учун 730 млн сўм ажратилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти ҳокими «Андижон полькаси» рақсини рекорд сифатида қайд этиш ва Гиннес рекордлар китобига киритиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш учун вилоят бюджети захира жамғармасидан 730 млн сўм ажратиш тўғрисида фармойиш берди.

Маҳаллий ҳокимлик маълум қилишича, қарор вилоят ҳокимлиги котибияти раҳбарининг хизмат ёзуви ҳамда вилоят маданият бошқармасининг мурожаати асосида қабул қилинган.

Ажратилган маблағлар рекорд ўрнатиш лойиҳасини амалга ошириш ва уни халқаро даражада расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун мўлжалланган.

Июнь ойи охирида Андижонда кенг кўламли маданий тадбир бўлиб ўтди. Унда минглаб иштирокчилар бир вақтнинг ўзида «Андижон полькаси»ни ижро этди. Акция якунларига кўра, рақс расман Гиннес рекордлар китобига киритилди.

Тадбирда, шунингдек, фожиали ҳодиса ҳам юз берди.

Акция ўтказилган куни оммавий рақс ижросида иштирок этиши керак бўлган 15 ёшли мактаб ўқувчиси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди.

Ўқувчиларни тадбир ўтказиладиган жойга олиб кетаётган автомобиль йўлда аварияга учраган.