Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро ҳамда республика танловлари ғолиблари учун пул мукофотлари жорий этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Танловлар ғолиблари, шунингдек, уларнинг ўқитувчилари ва концертмейстерларига мукофотлар тўлаш тартиби 2026 йил 11 ноябрдаги 617-сон Ҳукумат қарори билан тасдиқланган. Ҳужжатда танловларда иштирок этиш харажатларини қоплаш масалалари ҳам тартибга солинган.
Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилмаган халқаро танловлар ғолибларига бир марталик пул мукофоти берилиши учун ушбу танловлар белгиланган мезонларга жавоб бериши керак.
Жумладан, танловларда 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этиши лозим. Танлов ҳақидаги маълумотлар 20 дан ортиқ мамлакат оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.
Бундан ташқари, танлов ЮНЕСКО ёки бошқа йирик халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланган ёки эътироф этилган бўлиши лозим.
Шунингдек, танлов камида тўртта саралаш босқичини ўз ичига олиши керак.
Нуфузли халқаро танловлар ғолиблари учун қуйидаги миқдорда пул мукофотлари белгиланган:
Гран-при ва биринчи ўрин соҳибларига 300 миллион сўмдан берилади. Иккинчи ўрин учун 200 миллион сўм, учинчи ўрин учун эса 100 миллион сўм мукофот ажратилади.
Республика танловлари ғолиблари учун ҳам қуйидаги тўловлар назарда тутилган: гран-при ва биринчи ўрин учун 100 миллион сўм, иккинчи ўрин учун 50 миллион сўм, учинчи ўрин учун эса 25 миллион сўм.