«Ўзбекнефтегаз» бешта янги бурғилаш қурилмасини харид қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтегаз» АЖ бурғилаш техникаси паркни янгилаш мақсадида Хитойнинг Honghua компаниясидан бешта автоматлаштирилган бурғилаш қурилмасини харид қилиш имкониятини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтегаз» АЖ хабар берди.
Бурғилаш ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Honghua компанияси вакиллари билан учрашувда бурғилаш ишлари самарадорлигини ошириш, замонавий ускуналарни жорий этиш ва компаниянинг техник паркни янгилаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар тўртта ZJ70 моделидаги автоматлаштирилган бурғилаш қурилмаси ҳамда битта ZJ90 қурилмасини харид қилиш имкониятини кўриб чиқди.
«Ўзбекнефтегаз» маълумотига кўра, бундай техникалардан фойдаланиш замонавий технологиялар асосида бурғилаш ишларини олиб бориш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва янги қудуқларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Музокаралар давомида ускуналарни етказиб бериш қийматини мақбуллаштириш, ҳамкорликнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва уни ўзаро манфаатли шартлар асосида янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.