Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳридаги 60-сонли мактабнинг 4-синф ўқувчилари «Корзинка Ойбек» супермаркетига таълимий экскурсияда иштирок этиб, соғлом овқатланиш ва масъулиятли истеъмол тамойиллари билан амалиётда танишди.
Тадбир Nestlé компанияси томонидан «Корзинка» супермаркетлар тармоғи ва Республика таълим маркази билан ҳамкорликда мактаблардаги «Саломатлик йўналишлари» дастури доирасида ташкил этилди.
Экскурсия ўқувчилар дастур доирасида ўтаётган таълимий модулларнинг давоми бўлди. Супермаркетга ташриф давомида болалар олган билимларини реал вазиятда қўллаш ва маҳсулотларни онгли равишда танлаш тамойиллари ҳақида кўпроқ маълумот олиш имконига эга бўлди.
Мактаб ўқувчилари турли маҳсулот тоифалари билан танишди, уларни танлашда нималарга эътибор бериш кераклигини билиб олди, шунингдек, қадоқдаги маълумотларни топиш ва мувозанатли овқатланиш таркибини яхшироқ тушунишни ўрганди.
«Корзинка» тармоғи экспертлари интерактив шаклда иштирокчиларга кундалик овқатланиш одатларини шакллантириш ва уларнинг саломатликни сақлашдаги роли ҳақида маълумот берди.
Экскурсиянинг алоҳида қисми экологик амалиётларга бағишланди. Болаларга тармоқ дўконларида айрим турдаги чиқиндилар, жумладан, макулатура ва пластик алоҳида сараланиши ва кейинчалик қайта ишлашга юбориш учун тўпланиши ҳақида маълумот берилди. Ўқувчилар турли хил чиқиндиларни ажратиш нима учун муҳимлиги ва саралаш чиқиндилар миқдорини камайтириш ҳамда материаллардан қайта фойдаланишга қандай ёрдам беришини билиб олди.
Экскурсия якунига кўра, иштирокчилар маҳсулотларни танлаш ва кундалик овқатланиш одатларини шакллантиришда қўллашлари мумкин бўлган амалий билимларга эга бўлди. Тадбир якунида ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди ва биргаликда суратга тушилди.
«Саломатлик йўналишлари» дастури Ўзбекистонда Nestlé for Healthier Kids глобал ташаббуси доирасида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг умумий ва услубий раҳбарлиги остида амалга оширилмоқда. Дастур 7–8 ёшли болалар учун мўлжалланган бўлиб, «Табиий фанлар» асосий ўқув курсига киритилган.
«Саломатлик йўналишлари» Ўзбекистонда Nestlé кўмагида 2013–2018 йилларда мамлакат мактабларида жорий этилган мактаб дастурининг янгиланган версияси ҳисобланади.