Ўзбекистон

Ўзбекистон шахмат Олимпиадасида Германияга мағлуб бўлди

Ўзбекистон шахмат Олимпиадасида Германияга мағлуб бўлди
Ўзбекистон шахмат Олимпиадасида Германияга мағлуб бўлди  / Фото: Ўзбекистон Шахмат федерацияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Самарқандда ўз майдонида ўтказилаётган Жаҳон шахмат Олимпиадасида илк бор мағлубиятга учради. Мусобақанинг саккизинчи турида мезбонлар Германия терма жамоасига 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берди.

Ўзбекистонга ягона тўлиқ очкони Жавоҳир Синдоров келтирди. Иккинчи тахтада ўйнаган шахматчи рақиби Маттиас Блюбаумнинг йўл қўйган хатоларидан фойдаланиб, партияни ғалаба билан якунлади.

Саккиз турдан сўнг Синдоров етти партияда 5,5 очко жамғарди. Унинг ҳисобида тўртта ғалаба ва учта дуранг бор. Шу билан бирга, ўз юртидаги Олимпиадада у ҳозирча мағлубиятга учрамаган. Шахматчининг тайёргарлиги ва халқаро мусобақалардаги, жумладан, Олимпиададаги иштироклари Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.

Қолган партиялар мезбонлар фойдасига ҳал бўлмади. Биринчи тахтада Нодирбек Абдусатторов Винсент Кеймер билан дуранг ўйнади. Учрашув давомида немис шахматчиси ғалаба қозониш имкониятига эга бўлган позицияга эришди, бироқ Абдусатторов мағлубиятдан қочишга муваффақ бўлди.

Нодирбек Ёқуббоев Фредерик Сване, Шамсиддин Воҳидов эса унинг акаси Расмус Сванега ютқазди.

Воҳидов иштирокидаги партияда ҳал қилувчи ҳолат 16-юришдаги хато бўлди. Шундан сўнг ўзбекистонлик шахматчи ладьяни енгил фигурага алмаштириб, сифат йўқотди. У 51-юришга қадар курашни давом эттирди, бироқ Расмус Сване моддий устунликни ғалабага айлантира олди.

Германиядан учралган мағлубият Ўзбекистон учун Олимпиадада ҳам жамоавий ҳисобда, ҳам алоҳида партияларда биринчи бўлди. Саккизинчи тур олдидан Германия терма жамоаси мезбонлардан икки жамоавий очкога орқада эди, бироқ ғалабадан сўнг уларнинг очколари тенглашди. Энди ҳар икки жамоа 14 очкодан жамғарган.

Германия бундан аввал ҳам Ўзбекистоннинг иккинчи ва учинчи терма жамоаларини мағлуб этган.

Еттита жамоа — Хитой, Нидерландия, Озарбайжон, АҚШ, Ҳиндистон, Арманистон ва Франция 13 очкодан тўплади. Ўзбекистоннинг иккинчи таркиби ҳам 13 очкога эга бўлиб, ўнинчи ўринни эгаллаб турибди.

Лидерлик учун курашда Ҳиндистон ва Озарбайжон 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади, Арманистон ва Нидерландия учрашуви ҳам шу ҳисобда якунланди. АҚШ Сербияни ишончли тарзда 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди. Хитой Польша устидан 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозонди, Франция эса Эронни худди шу ҳисобда мағлуб этди.

Ўзбекистоннинг иккинчи эркаклар терма жамоаси саккизинчи турда Англияни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди. Бунга қадар жамоа Испанияни мағлуб этган ва Франция билан дуранг ўйнаган, сўнгги учрашувда эса ғалаба учун имкониятларга эга бўлган.

Англияга қарши учрашувда учта партия дуранг билан якунланди. Жаҳонгир Воҳидов Майкл Адамс билан, Абдималик Абдисалимов Гавейн Жонс билан, Муҳаммадзоҳид Суяров эса Люк Макшейн билан очколарни бўлишиб олди. Жамоага ҳал қилувчи очкони Даниэль Фернандесни мағлуб этган Ҳумоюн Бегмуратов келтирди.

Ўзбекистоннинг учинчи эркаклар терма жамоаси Швейцарияга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Саидакбар Сайдалиев Себастьян Богнерга, Алмас Раҳматуллаев эса Ли Мин Пэнга ютқазди. Баҳром Баҳриллаев ва Муҳаммадали Абдураҳмонов ўз партияларини дуранг билан якунлади.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси саккизинчи турда Нидерландия устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, олтинчи ўринга кўтарилди.

Афруза Ҳамдамова биринчи тахтада Элине Роберсни мағлуб этди. Умида Омонова Пэн Чжаоцинга ютқазганидан сўнг Нилуфархон Имомқўзиева Махтелд ван Форест устидан ғалаба қозонди. Жамоага тўртинчи очкони Гулдона Каримованинг Анна-Майя Казарян устидан қозонган ғалабаси келтирди.

Лидерлар ўртасидаги бошқа натижаларда Ҳиндистон ва Қозоғистон 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, Хитой Грузияни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.

Ўзбекистоннинг иккинчи аёллар терма жамоаси Кубага мағлуб бўлди. Учта партия якунланган пайтда ҳисоб 0,5:2,5 эди, Мадинабону Халилованинг учрашуви эса ҳали давом этаётганди. Нилуфар Ёқуббаева ва Асал Салимова ўз партияларида мағлуб бўлди, Маржона Маликова эса дуранг ўйнади.

Ўзбекистоннинг учинчи аёллар терма жамоаси эса Ямайка устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Зилола Актамова, Мафтуна Бобомуродова ва Шоҳина Аҳмедова ўз партияларида ғалаба қозонди, Барчина Шокиржонова эса мағлуб бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.