Ўзбекистон

Мирзо Улуғбек туманида Салар канали бўйи ободонлаштирилади

Мирзо Улуғбек туманида Салар канали бўйи ободонлаштирилади
Мирзо Улуғбек туманида Салар канали бўйи ободонлаштирилади / Фото: Мирзо-Улуғбек тумани ҳокимияти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида «Мирзакалон Исмоилий» ва «Асака» маҳаллаларидан ўтувчи «Салар» канали бўйи ҳудудини ободонлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ерда замонавий дам олиш маскани ташкил этилади. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ободонлаштириладиган ҳудуднинг узунлиги қарийб 1,5 километрни ташкил этади. Ҳудуд Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги биносидан бошланиб, Марказий истироҳат боғигача давом этади.

Лойиҳа доирасида мавжуд дарахтлар ва яшил ҳудудлар сақлаб қолинади ҳамда тартибга келтирилади. Канал бўйида жойлашган бинолар хатловдан ўтказилади, қонунсиз эгалланган ҳудудлар эса белгиланган тартибга мувофиқ ҳолатга келтирилади.

Ҳудудда пиёдалар ва велосипедлар учун йўлаклар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус йўлаклар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ўриндиқлар ва айвонлар ўрнатилади, болалар ҳамда воркаут майдончалари барпо этилади.

«Мирзакалон Исмоилий» маҳалласидаги 1А, 2, 3, 5 ва 7-сонли кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги майдонлардан тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш учун фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.