Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2027 йил охирига қадар хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Ташаббус Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 15 сентябрь куни эълон қилинган пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги Президент фармони лойиҳасида назарда тутилган.
Ҳужжат бўйича жамоатчилик муҳокамаси 30 сентябрга қадар давом этади.
Лойиҳага кўра, 2027 йил 1 январга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимини шакллантириш, бошқариш ва Кузатув кенгашини ташкил этишнинг ташкилий тузилмасига оид ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак.
2027 йил 1 июнга қадар вазирликка хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда пенсия тизимини босқичма-босқич жорий этишга қаратилган Президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Ушбу тизим фуқароларнинг Пенсия жамғармасига ажратмалари шартли ва шахсий ҳисобини юритиш, давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш ҳамда келгуси пенсияни мустақил равишда жамғаришга асосланади.
2027 йил охирига қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Иш берувчилар конфедерацияси билан биргаликда хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этиши лозим.
Таъкидланишича, бундай механизмларни жорий этиш молия бозорида рақобат муҳитини шакллантиришга ва фуқароларга ихтиёрий пенсия жамғариш воситаларини мустақил танлаш имконини беришга хизмат қилиши мумкин.