Молия

Ўзбекистонда банк захираларини шакллантириш тартиби янгиланди

Ўзбекистонда банк захираларини шакллантириш тартиби янгиланди
Ўзбекистонда банк захираларини шакллантириш тартиби янгиланди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда банк активлари сифатини таснифлаш ҳамда эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантиришнинг янги тартиби белгиланди.

 

Адлия вазирлиги тегишли идоравий норматив ҳужжатни 2026 йил 10 сентябрда 3937-сон билан давлат рўйхатидан ўтказди.

Ҳужжат банкларда, жумладан, микромолия банклари ва исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларда активларни таснифлаш, шунингдек, эҳтимолий йўқотишлар учун захираларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш қоидаларини белгилайди.

Активлар сифатининг бешта тоифасидан бирига киритилади: «стандарт», «субстандарт», «қониқарсиз», «шубҳали» ва «умидсиз». Ҳар бир тоифа учун захира шакллантириш меъёрлари тегишлича 1, 10, 25, 50 ва 100 фоиз миқдорида белгиланган.

Таснифлашда объектив омиллар ва мажбуриятларнинг қайтарилиш эҳтимолига асосланган мезонлар ҳисобга олинади. Турли мезонлар бўйича баҳолаш натижалари фарқ қилса, активга сифатнинг пастроқ тоифаси берилади.

Банклар, нобанк кредит, суғурта ва лизинг ташкилотларига берилган активлар учун алоҳида мезонлар ҳам назарда тутилган.

Реструктуризация қилинган активлар сифатини яхшилаш учун белгиланган шартларга риоя қилиш ва камида олти ёки 12 ой давом этадиган синов давридан ўтиш талаб этилади.

Шакллантирилган захиралар камида ойига бир марта қайта кўриб чиқилиши керак.

2028 йил 1 январдан бошлаб муаммоли активларга «фоиз ҳисобланмасин» мақоми берилади. Бунда ҳисобланган, аммо олинмаган фоизлар ва бошқа даромадлар балансдан ташқари ҳисобварақларга ўтказилади.

Шакллантирилган захиралар ҳисобидан активларни балансдан ташқари ҳисобварақларга ўтказиш, шунингдек, уларни ҳисобдан чиқариш қарз мажбуриятларини бекор қилмайди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.