Иқтисод

«Ўзбекгидроэнерго» Кореядаги Kumsung заводига ташриф буюрди

«Ўзбекгидроэнерго» Кореядаги Kumsung заводига ташриф буюрди
«Ўзбекгидроэнерго» Кореядаги Kumsung заводига ташриф буюрди / Фото: «Ўзбекгидроэнерго» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқарув раиси Ислом Абдурахмонов бошчилигидаги делегация Корея Республикасига ишчи ташриф доирасида кичик ва микро ГЭСлар учун ускуналар ишлаб чиқарувчи Kumsung Engineering & Construction Co., Ltd. компаниясининг ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрди.

Ташриф давомида делегация гидроагрегатлар ва гидроэнергетика ускуналарини лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ҳамда синовдан ўтказиш жараёнлари билан танишди.

Паст босимли сув оқимларидан самарали фойдаланишга мўлжалланган инновацион гидроагрегатларга алоҳида эътибор қаратилди. Бундай қурилмалар кичик ва микро ГЭСларда қўлланилади.

Корея тажрибасининг асосий жиҳатларидан бири ускуналарни бевосита ишлаб чиқариш жараёнида синовдан ўтказиш, техник параметрларни назорат қилиш ва самарадорликни баҳолаш амалиёти ҳисобланади.

Мазкур ёндашув Ўзбекистонда гидроэнергетика машинасозлигини ривожлантириш ва такомиллаштириш учун муҳим тажриба сифатида баҳоланди.

Делегация Жанубий Кореядаги Ким дарёсида жойлашган Baekjebo ГЭСига ҳам ташриф буюрди. 2011 йилда фойдаланишга топширилган станция умумий қуввати 2,64 МВт бўлган тўртта гидроагрегат билан жиҳозланган. У сувнинг табиий босими ва сарфидан самарали фойдаланиш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқаради.

1982 йилда ташкил этилган Kumsung E&C компанияси энергетика соҳаси учун ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Жумладан, компания ирригация ва сув таъминоти тизимлари учун затворлар ва кўтариш механизмлари, насос ускуналари ҳамда сувни оқизиш учун автоматлаштирилган қурилмалар ишлаб чиқаради.

Ташриф «Ўзбекгидроэнерго»нинг халқаро тажрибани ўрганиш ва илғор технологияларни жорий этиш бўйича тизимли ишлари доирасида амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ГЭСлар сони 36 тадан 106 тага етди, гидроэнергетиканинг умумий ўрнатилган қуввати эса 2,5 ГВтга етди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.