Ўзбекистон

Ўзбек давлат циркини туристик объектга айлантириш режалаштирилмоқда

Ўзбек давлат циркини туристик объектга айлантириш режалаштирилмоқда
Ўзбек давлат циркини туристик объектга айлантириш режалаштирилмоқда / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбек давлат циркини модернизация қилиш ва замонавий маданий ҳамда туристик объектга айлантириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Цирк санъати ва эстрада томошалари ижодий бирлашмаси фаолиятини ривожлантириш бўйича амалий ишлар Ўзбекистон Президентининг 2 июндаги «Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–103-сон фармони ижроси доирасида бошланди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Жамоатчилик кенгаши аъзолари билан биргаликда Ўзбек давлат циркига ташриф буюрди. Ташриф давомида объектнинг ҳозирги ҳолати, инфратузилмаси ва уни янада ривожлантириш имкониятлари ўрганилди.

Учрашув иштирокчилари цирк фаолиятини замонавий талабларга мослаштириш, тадбиркорларни жалб қилиш ва объектнинг туристик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.

Хусусан, 2,5 минг ўринга мўлжалланган доимий кўргазма ва маданий-кўнгилочар майдон ташкил этиш, цирк атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ҳамда сайёҳлар учун янада жозибадор муҳит яратиш таклиф этилди. Бу сайёҳлар оқимини ошириш имконини бериши кутилмоқда.

Шунингдек, мавжуд инфратузилма муаммоларини бартараф этиш чоралари белгиланди. Бинода замонавий вентиляция ва иситиш тизимларини жорий этиш, шунингдек, том қисмидан ёмғир суви оқиб кириши муаммосини ҳал қилиш режалаштирилган.

Циркни ривожлантириш бўйича комплекс техник-иқтисодий бизнес-режа ишлаб чиқиш учун Россия, Хитой ва Франциядан хорижий консалтинг компанияларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, барча ўзгаришлар ва таъмирлаш ишлари маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилиши керак. Лойиҳалар белгиланган тартибда Маданий мерос агентлиги билан келишилади.

Ташаббуслар амалга оширилиши натижасида Ўзбек давлат цирки маданий ва кўргазма фаолияти, тадбиркорлик, кўнгилочар хизматлар ҳамда туризмни бирлаштирган замонавий майдонга айлантирилиши режалаштирилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.