Ўзбекистон

Тошкентда кўп қаватли уйларда энергоаудит бошланди

Тошкентда кўп қаватли уйларда энергоаудит бошланди
Тошкентда кўп қаватли уйларда энергоаудит бошланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 21 сентябрдан Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларда Жаҳон банки мутахассислари иштирокида комплекс энергоаудит ўтказиш бошланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Текширув ўтказиш учун ўтган иситиш мавсумида меъёрий талаблар бузилган ҳолда иситилган уйлар танлаб олинди.

Энергоаудит доирасида мутахассислар биноларнинг техник ва энергетик ҳолатини, жумладан, ташқи деворлар, том ва ертўлалар, эшик ва деразалар, ички иситиш тизимлари, шунингдек, иссиқлик энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганади.

Хорижий мутахассислар, шунингдек, асбоб-ускуналар ёрдамида ўлчовлар ўтказиб, ҳар бир уйда иссиқлик йўқотилишининг асосий омилларини аниқлайди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича техник ечимларни ишлаб чиқади.

Энергоаудит якунлари бўйича Тошкентдаги кўп қаватли уйларни самарали иситиш методологиясини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Уни тайёрлашда биноларнинг техник ҳолати ва энергия самарадорлиги, иссиқлик йўқотиш даражаси ҳамда бошқа кўрсаткичлар инобатга олинади.

Ҳокимлик таъкидлашича, ишлаб чиқиладиган методология кўп қаватли уйларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш, модернизацияга муҳтож биноларни аниқлаш, шунингдек, иссиқлик йўқотилишини камайтириш ва электр энергияси ҳамда табиий газдан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.