Ўзбекистон

Хоразмда 156 та эҳтиёжманд оиланинг уй-жой шароити яхшиланади

Хоразмда 156 та эҳтиёжманд оиланинг уй-жой шароити яхшиланади
Хоразмда 156 та эҳтиёжманд оиланинг уй-жой шароити яхшиланади / Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хоразм вилоятида 156 та эҳтиёжманд оиланинг уй-жой шароитини яхшилаш режалаштирилмоқда. Бу борада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, «InFinBank» АЖ ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ўртасида тегишли меморандум имзоланди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Келишув доирасида ҳокимлик томонидан тақдим этилган рўйхатга киритилган оилаларнинг ижтимоий ҳолати, шунингдек, уларнинг уй-жойга бўлган ҳақиқий эҳтиёжи ўрганилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўз ваколатлари доирасида 156 та оиланинг ижтимоий ҳолатини баҳолайди ва уларнинг уй-жой шароитини яхшилашга бўлган эҳтиёжларини аниқлайди. Шундан сўнг оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилиши режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида муносиб ва хавфсиз уй-жой шароитларини яратиш моддий ёрдам, бандликка кўмаклашиш, ижтимоий, таълим ва тиббий хизматлар билан бир қаторда кўриб чиқилади.

Бунга ўхшаш ташаббус аввал Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган. Уч томонлама меморандум доирасида 101 та ёш оила янги уй-жой билан таъминланган.

Энди лойиҳа Хоразм вилоятида давом эттирилади. Бу ерда 156 та оиланинг уй-жой шароити ва уй-жойга бўлган эҳтиёжлари ўрганилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.