Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация Жанубий Кореянинг EXEM Co., Ltd IT компанияси фаолияти билан танишди.
Ташриф делегациянинг Корея Республикасига амалий сафари доирасида Сеул шаҳрининг Кансон округидаги Магок инновацион ҳудудида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Делегация вакилларига EXEM компаниясининг асосий фаолият йўналишлари, технологик ишланмалари ва замонавий ечимлари ҳақида маълумот берилди.
EXEM IT инфратузилмасини бошқариш, маълумотлар базалари ва рақамли тизимларни мониторинг қилиш, сунъий интеллект, катта маълумотлар ва булутли технологияларга ихтисослашган. Компания, шунингдек, IT тизимларини комплекс мониторинг қилиш учун ечимлар ишлаб чиқади.
Компания 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, 2015 йилдан унинг акциялари KOSDAQ биржасида рўйхатдан ўтган. EXEM фаолиятининг асосий йўналишлари қаторига маълумотлар базалари ва иловаларни мониторинг қилиш, IT тизимларидаги муаммоларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда IT жараёнларини бошқариш, шунингдек, Big Data ва корпоратив сунъий интеллект асосида ечимлар ишлаб чиқиш киради.
Айни пайтда EXEM 29 та мамлакатдаги 1 мингдан ортиқ йирик мижоз билан ҳамкорлик қилади. Компаниянинг АҚШ, Хитой ва Японияда ҳам тузилмалари мавжуд.
Ташриф давомида делегацияга сунъий интеллект ва катта маълумотлардан фойдаланган ҳолда IT инфратузилмасини бошқариш учун EXEM технологик ечимлари тақдим этилди. Шунингдек, рақамли тизимларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва технологик жараёнларни автоматлаштириш имкониятлари намойиш қилинди.
Делегация аъзолари учун компания бўйлаб экскурсия ташкил этилиб, улар иш жараёнлари билан танишди.
Томонлар, шунингдек, Фарғона вилоятини рақамлаштиришда EXEM тажрибаси ва технологик ечимларидан фойдаланиш, IT соҳасида билим алмашиш ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди.