Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги «Яхши амалиётлар маркази» давлат муассасаси вакиллари яхши ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштириш борасида Туркия тажрибасини ўрганди.
Ташриф доирасида делегация ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари билан биргаликда Туркиянинг Дори воситалари ва тиббий буюмлар агентлиги (TİTCK) фаолияти билан танишди.
GMP платформасининг ишлаш тамойиллари, унда қўлланиладиган ахборот технологиялари ва рақамли ечимларга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, иштирокчилар Туркия регулятор органининг биологик фаол қўшимчалар, косметика маҳсулотлари ва клиник тадқиқотларни тартибга солишда фойдаланиладиган IT тизимларини ўрганди.
Олинган билимлардан Ўзбекистонда GMP соҳаси учун янги рақамли ечимларни ишлаб чиқишда фойдаланиш мумкин. Ўрганилган тажрибани қўллаш ахборот тизимлари самарадорлигини ошириш ва тиббиёт ҳамда фармацевтика соҳаларидаги тартибга солиш жараёнларини такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.