Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини, жумладан, иқлимга чидамли сув таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш лойиҳасини молиялаштириш масаласини муҳокама қилди.
8 сентябрь куни Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Оҳадбек Ҳайдаров ОТБ вакиллари билан учрашди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникациялар бўлими хабар берди.
Музокараларда ОТБ мамлакат операциялари раҳбари Мирзо Искандар Гуламов, сув таъминоти ва шаҳарларни ривожлантириш масалалари бўйича директор Шринивас Сампат ҳамда банкнинг бошқа вакиллари иштирок этди.
Учрашувда асосий эътибор ОТБ иштирокида амалга оширилиши режалаштирилаётган «Иқлимга чидамли сув таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш» лойиҳасини молиялаштириш масалаларига қаратилди.
Лойиҳа Андижон ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида сув таъминоти ва оқова сув хизматларини ривожлантиришни назарда тутади.
Учрашув давомида ҳамкорликнинг янги эҳтимолий йўналишлари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар истиқболли лойиҳалар ва қўшма ташаббуслар бўйича таклиф ва ғоялар алмашди.
Музокаралар Ўзбекистон ва ОТБнинг истиқболли лойиҳалар доирасидаги ҳамкорлигини янада муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.