Иқтисод

Рақобат қўмитаси авиарейслар кечикиши учун компенсацияларни ўрганмоқда

Рақобат қўмитаси авиарейслар кечикиши учун компенсацияларни ўрганмоқда
Рақобат қўмитаси авиарейслар кечикиши учун компенсацияларни ўрганмоқда / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобат қўмитаси авиакомпаниялар айби билан авиарейслар кечиктирилган ҳолатларда йўловчилар ҳуқуқларига риоя қилиниши ва компенсациялар тўланиши масалаларини ўрганмоқда.

2026 йилнинг биринчи ярмида Қўмитага ҳаво транспорти хизматлари билан боғлиқ истеъмолчилардан 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 баробарга ошган.

Фуқаролар мурожаатларида авиарейсларнинг бир неча соатга кечикиши, йўловчиларга аниқ маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, хизматларни лозим даражада кўрсатмаслик, шунингдек, амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундириш ҳолатлари қайд этилган.

Қўмита томонидан ўтказилган таҳлил айрим ҳолатларда ташувчи айби билан кечиктирилган рейслар йўловчиларига компенсация ёки муаммони ҳал қилишнинг муқобил вариантлари таклиф этилмаганини кўрсатди. Вазирликда таъкидланишича, бундай ҳолатлар фуқароларнинг вақти, харажатлари ва режаларига таъсир қилиши мумкин.

Айни пайтда Қўмита очиқ манбалар асосида ташувчи айби билан ички авиарейслар кечиктирилганда йўловчиларга компенсация тўлаш амалиётини, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши масалаларини ўрганмоқда.

Авиакомпанияларга ўз рақамли платформаларидаги маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш ва уларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш тавсия этилди.

Қўмита фуқароларни йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши масалалари бўйича таклиф ҳамда мулоҳазаларини юборишга чақирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.