Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги тоғли ҳудудда адашиб қолган 17 нафар фуқарога ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.
Ҳодиса ҳақидаги хабар 12 сентябрь куни соат 21:27 да «112» тизими орқали «Қамчиқ» махсус қутқарув бошқармасига келиб тушган.
Маълумотларга кўра, 17 нафар фуқаро «Тошкент — Ош» автомобиль йўлининг «Водий — Тошкент» йўналишидаги 107-километрида жойлашган «Чинор» маҳалласи ҳудудига дам олиш учун борган. Шундан сўнг улар тоғли ҳудудда йўналишни йўқотиб, адашиб қолган.
Хабар олингач, ҳодиса жойига қидирув-қутқарув бўлинмалари юборилган. Қутқарувчилар тоғ ёнбағирларини текшириб, 17 нафар фуқаронинг барчасини аниқлаган.
Фуқаролар хавфли ҳудуддан хавфсиз жойга олиб чиқилган ва кейин яшаш манзилларига етказиб қўйилган.
Ҳодиса оқибатида фуқаролардан ҳеч бири жабрланмаган.