Иқтисод

Тўрақўрғон хурмоси ташқи бозорларга чиқмоқда

Тўрақўрғон хурмоси ташқи бозорларга чиқмоқда
Тўрақўрғон хурмоси ташқи бозорларга чиқмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида хурмо ҳосилини экспортга тайёрлаш ишлари давом этмоқда. Йиғиб олинган мевалар саралаш ва сифат баҳосидан ўтказилиб, шундан сўнг сақлаш ва хорижий бозорларга етказиб бериш учун тайёрланмоқда.

Наманган вилоятида хурмозорларнинг умумий майдони 1875 гектарни ташкил этади. Шундан 326 гектар хурмо боғлари Тўрақўрғон туманида жойлашган.

Маҳаллий фермерлар ва тадбиркорлар томонидан етиштирилаётган хурмога хорижда талаб юқори. Маҳсулот МДҲ мамлакатлари ва Бирлашган Араб Амирликларига экспорт қилинмоқда. Жорий йилда Тўрақўрғон хурмосининг биринчи партияси Жанубий Кореяга экспорт қилинди.

Маҳсулотни ташқи бозорларга етказиб беришга тайёрлашда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудда «даладан дастурхонгача» тамойили жорий этилмоқда. Унга кўра, етиштириш ва ҳосилни йиғиб олишдан тортиб саралаш, сақлаш, лаборатория назорати, зарарсизлантириш ва фитосанитар ҳужжатларни расмийлаштиришга қадар бўлган барча босқичлар назорат қилинади.

Зарарли организмлар ва карантин объектларининг тарқалишининг олдини олиш мақсадида мутахассислар хурмо боғларида мунтазам равишда фитосанитар мониторинг ўтказиб, тегишли профилактик чораларни кўрмоқда.

Экспорт географиясининг кенгайиши Тўрақўрғон тумани хурмо етиштирувчилари учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.

Ташқи бозорларга етказиб бериш ҳажмининг ошиши, кутилганидек, фермерлар ва тадбиркорлар даромадларининг кўпайиши, янги иш ўринларининг яратилиши ҳамда ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 

Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.