Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги йирик металлургия корхоналари атрофида саноат кооперациясини кенгайтириш ва маҳаллийлаштириш бўйича янги лойиҳаларни шакллантиришга бағишланган тадбиркорлар билан онлайн учрашув ўтказди. Бу ҳақда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги хабар берди.
Учрашув давомида Самарқанд вилоятидаги «Aziya metall prof», Жиззах вилоятидаги «Sifatli sof po‘lat», Наманган вилоятидаги «Tay Chang Stil» ва Сирдарё вилоятидаги «Vangda» йирик металлургия корхоналари атрофида умумий қиймати $100 млн бўлган кооперация лойиҳаларини шакллантириш масаласи муҳокама қилинди.
Асосий эътибор корхоналарнинг хомашё, материаллар, бутловчи қисмлар, ускуналар ва хизматларга бўлган эҳтиёжларини маҳаллий тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш имкониятлари билан солиштиришга қаратилди. Шунингдек, ҳозирда импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва янги кооперация занжирларини яратиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Учрашув иштирокчилари тадбиркорларнинг амалдаги ишлаб чиқариш қувватлари ва истиқболли лойиҳа ташаббуслари билан танишди.
Учрашув якунлари бўйича бизнес вакилларини йирик металлургия корхоналари билан узоқ муддатли саноат кооперациясига жалб этиш бўйича кейинги амалий чоралар белгилаб олинди.
Лойиҳаларни амалга ошириш маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш, қўшилган қийматнинг янги занжирларини шакллантириш ва ҳудудларда қўшимча иш ўринлари яратишга қаратилган.