«Ўзбекнефтегаз» суткалик газ қазиб олишни 3,9 млн м³ га оширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтегаз» АЖ бошқарув раиси Абдуғани Санғинов янги қудуқларни ишга тушириш ҳисобига тўққиз ойлик давр якунига қадар табиий газнинг суткалик қазиб олиш ҳажмини 3,9 млн куб метрга оширишни топширди. Яна суткасига 460 минг куб метр газни 16 та қудуқни капитал таъмирлаш орқали олиш режалаштирилган. Бу ҳақда «Ўзбекнефтегаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Компанияда ўтказилган кенгайтирилган аппарат йиғилиши тўққиз ойлик давр якунлари бўйича кутилаётган ишлаб чиқариш-иқтисодий кўрсаткичлар, мавжуд хатарлар ва йил охирига қадар бажарилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланди.
Йиғилиш ўтказилган вақтда тўққиз ойлик давр якунига қадар 24 кун қолган эди. Шу муносабат билан компания раҳбариятига ҳар бир йўналиш бўйича режалар ижросига эътибор қаратиш, мавжуд камчиликларнинг аниқ сабабларини белгилаш ва қисқа муддатларда зарур чораларни кўриш топширилди.
«Бугун ҳар бир йўналиш бўйича аниқ савол қўйилиши керак: нимани режалаштирган эдик, нималарга эришдик, нималар бажарилмай қолди, қолган қисқа муддатда яна нималарни амалга оширишимиз керак ва қандай натижага эришишимиз лозим?» — деди Абдуғани Санғинов.
Йиғилишда табиий газ қазиб олиш режасининг бажарилишига алоҳида тўхталиб ўтилди. Белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун қўшимча имкониятларни сафарбар этиш, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қазиб олиш суръатларини барқарорлаштириш ва мавжуд захиралардан самарали фойдаланиш топширилди.
Бунинг учун ҳар бир кон, қудуқ ва объектдаги вазият таҳлилини кучайтириш, ишларни манзилли ташкил этиш ҳамда йиллик режани бажариш бўйича амалий чораларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда август ойида ишга туширилиши режалаштирилган қудуқлар бўйича ҳам натижалар сарҳисоб қилинди. Шу билан бирга, сентябрь режасида назарда тутилган қудуқларни тўққиз ойлик давр якунига қадар ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бунинг ҳисобига суткалик қазиб олиш ҳажмини 3,9 млн куб метрга ошириш керак.
Суткасига қўшимча 460 минг куб метр газ қазиб олиш 16 та қудуқни капитал таъмирлаш ҳисобига таъминланиши лозим.
Қайта ишлаш соҳасида йиғилиш иштирокчилари газ конденсати, олтингугурт ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмларини таҳлил қилди. Тизим корхоналарига йил якуни бўйича ушбу маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини белгиланган режанинг 120 фоизига етказиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, нефт маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарни хомашё билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.
Йиғилишнинг алоҳида қисми авариявий тўхташларнинг олдини олиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, транспорт воситаларининг ҳолати, рақамлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига бағишланди.
Жумладан, масъул шахсларга 1 октябрга қадар газ босимини оширувчи компрессор станцияларини ишга тўлиқ тайёрлаш топширилди.
Рақамлаштириш масаласи муҳокама қилинганда Абдуғани Санғинов жорий этилаётган ечимларнинг амалий самарадорлиги асосий мезон бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади.
«Биз рақамлаштиришни тақдимотлар ва ҳисоботларда эмас, балки ишлаб чиқариш самарадорлигида кўришимиз керак», — деди бошқарув раиси.
Йиғилишда «E-Kon», «Бурғилаш маркази», ERP ва BI тизимларини жорий этиш, шунингдек, нефть базаларини рақамлаштиришни якунлашнинг якуний муддатлари белгиланди.
Айни вақтда компанияда 2027 йилга тайёргарлик ҳам бошланди. Геология-қидирув ишлари дастури, геологик-техник тадбирлар, қазиб олиш ва ишлаб чиқариш баланси, қурилишнинг манзилли дастури, инвестиция дастури ҳамда харидлар портфелини шакллантиришни жадаллаштириш вазифалари белгиланди.
«Тўққиз ойлик даврни ижобий якунлаш учун бизда 24 кун бор. 24 кун — қисқа муддат. Аммо барча йўналишларда ишларни тўғри ташкил этиб, кунлик назоратни таъминласак, натижага эришиш мумкин. Ҳар бир раҳбар ўз йўналиши бўйича якуний натижа учун шахсан жавоб беради», — деди Абдуғани Санғинов.
Йиғилишнинг асосий вазифалари сифатида белгиланган кўрсаткичлар ижросини кучайтирилган назорат остида таъминлаш, орқада қолишларни бартараф этиш, шунингдек, компаниянинг молиявий ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш белгиланди.