Сирдарё вилояти Хитой билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида Хитой компаниялари билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов музокараларни «Сирдарёда бизнес юритинг» халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувлар Хитойнинг «Xinjiang Hefу», «Baolun», «Xigua» ва «AI Car» компаниялари, шунингдек, Чжэцзян провинцияси Архитектура-қурилиш тадқиқотлари институти вакиллари билан бўлиб ўтди.
Томонлар бир қатор йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди. Улар орасида питахайя ва манго етиштириш, балиқчиликни ривожлантириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда замонавий онлайн такси хизматини ишга тушириш бор.
Музокараларда шаҳарсозлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Сирдарё дарёси соҳилида «Янги шаҳар» концепциясини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, томонлар «Икки мамлакат — икки боғ» лойиҳаси доирасида саноат парки ташкил этиш масаласини кўриб чиқди.
Учрашувлар якунида иштирокчилар таклиф этилган лойиҳаларни батафсил ишлаб чиқишни давом эттириш ва эришилган келишувларни амалий босқичга ўтказишга келишиб олди.