Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида автобуслардан кунлик фойдаланувчилар сони ўртача 1 491 117 нафарга етди. Пойтахтда транспорт хизматлари «Тошшахартрансхизмат» АЖ тизимидаги 165 та йўналиш бўйича кўрсатилади.
16 сентябрь куни соат 07:00 дан 10:00 гача, эрталабки тирбандлик вақтида шаҳар автобусларидан 343 997 нафар йўловчи фойдаланди.
Ушбу даврда энг юқори йўловчилар оқими 131-йўналиш — «Дўстлик 2-мавзеси – Олимпия мавзеси»да қайд этилди. Мазкур йўналишдан 5 166 нафар йўловчи фойдаланган. 116-йўналиш — «Шифокорлар шаҳарчаси – Чилонзор буюм бозори»да 4 402 нафар, 24-йўналиш — «ТТЗ АШБ – Юнусобод мавзеси 6-даҳа»да эса 4 131 нафар йўловчи ташилган.
38-йўналиш — «Олмазор маҳалласи — «Ўзбекқишлоқмаш» заводи»да эрталабки соатларда 3 661 нафар йўловчи ташилган.
Умуман, «Тошшахартрансхизмат» АЖнинг 165 та йўналиши бўйича бир сутка давомида транспорт хизматлари ўртача 1 491 117 нафар йўловчига кўрсатилади.