«BioPharma City» Жанубий Корея кластерлари билан ҳамкорлик қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги вакиллари Жанубий Кореянинг етакчи тиббий-фармацевтика кластерлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувлар Ўзбекистон делегациясининг 3 сентябрь куни Корея Республикасига хизмат сафари доирасида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон томони Osong Advanced Medical Industry Promotion Foundation базасида фаолият юритувчи KBIO Health ҳамда K-MEDI hub — Daegu Gyeongbuk Medical Innovation Foundation вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Учрашувлар давомида иштирокчилар Корея кластерларининг инфратузилмаси, жумладан, замонавий фармацевтика ва биотехнология майдончалари, илмий-тадқиқот лабораториялари ҳамда инновацион ишлаб чиқариш объектлари билан танишди.
Асосий масалалардан бири Ўзбекистондаги «BioPharma City» ва Жанубий Кореянинг тиббий-фармацевтика кластерлари ўртасида тўғридан-тўғри кластерлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўлди. Томонлар R&D инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш, лабораториялар ва виварийлар фаолиятини такомиллаштириш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда кадрлар алмашинувини кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.
Қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, томонлар мРНК вакциналарини ишлаб чиқиш, онкология соҳасида тадқиқотлар олиб бориш, дори воситаларини етказиб бериш тизимларини яратиш, доривор ўсимликлар ва биоактив бирикмаларни ўрганиш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди.
Бундан ташқари, музокаралар иштирокчилари технологиялар трансфери, шунингдек, мутахассислар учун қўшма тренинг ва семинарлар ўтказиш масалаларини кўриб чиқди.
Учрашувлар якунида томонлар Ўзбекистон фармацевтика ва биотехнология соҳаларини янада ривожлантиришда Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланишга келишиб олди.
Шунингдек, «BioPharma City» ва Жанубий Кореянинг тиббий-фармацевтика кластерлари ўртасида қўшма илмий дастурларни амалга ошириш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилмоқда.