Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Спорт

Мария Тимофеева US Open турнирининг иккинчи даврасида мағлуб бўлди

Дилафруз Ниязова · 03.09.2026 · 22:30 · 29 views
Мария Тимофеева US Open турнирининг иккинчи даврасида мағлуб бўлди
Мария Тимофеева US Open турнирининг иккинчи даврасида мағлуб бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик теннисчи Мария Тимофеева US Open — 2026 турниридаги иштирокини якунлади. У мусобақанинг иккинчи даврасида 23-рақамли рақам остида сараланган бельгиялик Элизе Мертенсга мағлуб бўлди. Учрашув Мертенс фойдасига 2:6, 5:7 ҳисобида якунланди.

Учрашув 1 соат 46 дақиқа давом этди. Тимофеева икки марта эйс қайд этди ва учта икки карра хатога йўл қўйди. У биринчи узатмасини 68 фоиз ҳолатда аниқ амалга оширди.

Ўзбекистонлик теннисчи икки марта брейк-пойнтга эга бўлиб, уларнинг ҳар иккисидан ҳам унумли фойдаланди. Бироқ Мертенс рақибининг узатмасини олиш учун етти имкониятга эга бўлди ва уларнинг тўрттасини амалга оширди.

Бельгиялик теннисчи учрашув давомида бирорта ҳам эйс қайд этмади ва учта икки карра хатога йўл қўйди. Шу билан бирга, Мертенс биринчи узатмада анча самарали ҳаракат қилди: у биринчи узатмасидан кейинги очколарнинг 76 фоизини қўлга киритган бўлса, Тимофеевада бу кўрсаткич 57 фоизни ташкил этди.

Қўлга киритилган умумий очколар бўйича ҳам устунлик Мертенс томонида бўлди. Бельгиялик теннисчи 72 очко жамғарган бўлса, Тимофеева ҳисобида 54 очко қайд этилди.