Шошилинч
7
Туризм

Ўзбекистон Мисрда маданий меросни тарғиб қилиш тажрибасини тақдим этди

Ўзбекистон Мисрда маданий меросни тарғиб қилиш тажрибасини тақдим этди
Ўзбекистон Мисрда маданий меросни тарғиб қилиш тажрибасини тақдим этди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қоҳира шаҳрида маҳаллий ҳамжамиятлар иштирокида исломий ва қишлоқ меросини бошқаришга бағишланган халқаро семинарда маданий меросни сақлаш ва тарғиб қилишда туризмдан фойдаланиш тажрибасини тақдим этди.

Тадбир 2026 йил 12–14 октябрь кунлари бўлиб ўтмоқда. У Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги бўйича доимий қўмитаси (COMCEC) лойиҳаларини молиялаштириш дастури доирасида Ислом мамлакатлари учун статистик, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар ҳамда кадрлар тайёрлаш маркази (SESRIC) томонидан ташкил этилган.

Очилиш маросимида SESRIC бош директори Зеҳра Селчук ва Миср туризм ва қадимий ёдгорликлар вазири Шериф Фатҳи иштирок этди.

Мавзули амалий семинар доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туристик маҳсулотларни ривожлантириш офиси директорининг ўринбосари М. Мирзаҳидов мамлакатда маданий мерос ва миллий анъаналарни туристик маҳсулотлар орқали тарғиб қилиш ёндашувлари ҳақида сўзлаб берди.

Тақдимотда Ўзбекистоннинг барқарор туризм, зиёрат туризми ва қишлоқ туризми соҳаларидаги имкониятлари, шунингдек, ЮНЕСКО рўйхатларига киритилган моддий ва номоддий маданий мерос намуналари намойиш этилди.

Анъанавий ҳунармандчилик, миллий мусиқа ва рақслар, ўзбек миллий таомлари, аския ва бахшичилик санъати, шунингдек, туристик қишлоқларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тақдим этилган йўналишлар иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Улар мамлакатнинг маданий анъаналар ва маҳаллий меросга асосланган туристик йўналишларни ривожлантириш салоҳияти билан танишди.

Семинарда Миср, Малайзия ва Туркия вакиллари, шунингдек, БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти (UN Tourism) ҳамда ЮНЕСКО вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Тадбир давомида иштирокчилар маданий меросни сақлаш, туризмни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича тажриба ва фикр алмашмоқда.

Ўзбекистоннинг семинардаги иштироки миллий тажрибани халқаро миқёсда тақдим этиш ва мамлакатнинг туристик имкониятларини тарғиб қилишга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.